Пойтахт милицияси кундуз куни қизга хужум қилган эркакни қўлга олди

Дата: 15:42, 31-07-2017.

Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Тошкентнинг Сергели туманида кундуз куни қизга хужум қилган эркакни қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йилнинг 27 июл куни соат тахминан 10:30ларда номаълум шахс, Сергели тумани ҳудудида жойлашган “Рихсивой” кафесида маст холда бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фуқаро Миронова Людмила Петровнанинг кўкрак қафаси чап тарафига ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказган”, - деб таъкидлашди ИИББ матбуот хизматида.

Мазкур ҳолат юзасидан, Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, кишининг соғлиги учун шикаст етказиши мумкин бўлган нарсани қўллаб, тан жароҳати етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Хамидходжаев Рихсивой Эркинович содир этганлиги аниқланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: