Пойтахтнинг “Бунёдкор”и 2014 йилги Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлади
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоаси 2014 йилги Осиё чемпионлар лигаси 1/8 финалининг жавоб ўйинида “Ал-Ҳилол” жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазиб, турнирдаги иштирокини якунлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳисоб ўйиннинг 21 минутидаёқ Ёсир Ал Квахтоний томонидан очилди. Биринчи таймнинг катта қисмини жамоамиз қарши ҳужумларга умид қилган ҳолда ҳимояда ўтказди. Лекин омад араблар томонда бўлди. Хуллас, иккинчи таймнинг биринчи ўн минутида улар дарвозамизга яна икки жавобсиз тўп киритдилар”, - деб таъкидлашди тошкент клуби матбуот хизматида.