Пойтахтнинг “Бунёдкор” клуби Осиё чемпионлар лигасида хоккей ҳисобида мағлубиятга учраб, плей-оффга чиқиш имкониятидан деярли айрилди

Дата: 15:22, 06-04-2016.

Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ – Пойтахтнинг “Бунёдкор” клуби Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 4-турида Эроннинг “Зобахон” жамоасига 5:2 ҳисоби билан мағлубиятга учраб, плей-оффга чиқиш имкониятидан деярли айрилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўйин бошидаёқ мезбонлар Даниэл Исмаилифаранинг аниқ зарбасидан кейин олдинга чиқдилар Биринчи тайм ўртасида исфахонликлар бурчак зарбасидан сўнг устунликларини мустаҳкамладилар. Голни Воҳид Муҳаммадзаде киритди. Иккинчи тайм тезкор голдан бошланди. Бу сафар Мехди Ражабзаде яқин масофадан дарвозани нишонга олди. Тайм ўртасида Кавех Резаи Рустамжон Ашурматовдан қочиб қутулиб, тўртинчи голни урди”, - деб таъкидлашди ўзбек клубида.

“Бунёдкор” ўйинни ташлаб қўйгани йўқ. Тез орада Шакер Зуагининг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди, Минори Сато уни дарвозага йўллади. Ўйин охиригача рақиблар аниқ зарбалар билан алмашдилар. Муртаза Табрези тошкентликлар мудофааси хатосидан фойдаланиб қолди, Шахзодбек Нурматов эса бурчак зарбасини қабул қилиб, тўпни боши билан дарвозага киритди. 

Шундай қилиб, ҳисоб 5:2 ҳолатида Яхё Гулмухаммадий шогирдлари фойдасига ҳал бўлди.

Энди “Бунёдкор” Осиё чемпионлар лигасида курашни давом эттириш учун фақат назарий имкониятларга эга. Бунинг учун ҳар икки ўйинда “Лахвия”ни енгиш, эронликларнинг “Ал Наср” билан ўйинида ғалабасини кутиш керак. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: