Пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси 2015 йилги Ўзбекистон Суперкубоги ғолиби бўлди

Дата: 19:40, 09-03-2015.

Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси 2015 йилги Ўзбекистон Суперкубоги ғолиби бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

«Тошкентнинг “Локомотив” клуби Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳсда пойтахтнинг “Пахтакор” жамоасини йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи тайм тенг курашларда бошланди ва 0:0 ҳисоби анча вақт сақланиб турди. Ўйиннинг биринчи тайми 37-дақиқасида Лутфулла Тўраев ҳисобни очди ва биринчи бўлим “Локомотив”нинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди”, - дейилади ЎФФ маълумотида.
Иккинчи бўлимнинг бошида эса “Локомотив” кетма-кет иккита гол уриб ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Дастлаб, Темурхўжа Абдуҳолиқов (48-дақиқа), кейинчалик эса Руслан Корян (55-дақиқа) пенальтидан гол уриб ҳисобни йириклаштирдилар - 3:0. Ўйиннинг 89-дақиқасида эса захирадан майдонга тушган Марат Бикмаев “Локомотив”нинг тўртинчи голини киритди ва учрашув “Локомотив”нинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.
Шу тариқа, “Локомотив” клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: