Пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси Қатарнинг “Ал-Садд” клубини “янчиб” ташлади

Дата: 10:22, 09-04-2015.

Тошкент. 9 апрел. ЎзТАГ – Пойтахтнинг “Локомотив” клуби Осиё чемпионлар лигаси 1/8 босқичига чиқиш имкониятини қўлдан чиқармади. Тошкентлик футболчилар ўз майдонларида йирик – 5:0 ҳисобида Қатарнинг “Ал-Садд” клубини енгдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“С” гуруҳидаги тўртинчи тур олдидан “Локомотив” ҳисобида фақат битта очко бўлиб, кейинги босқичга ўтиш учун жамоага қатарликлар устидан ғалаба зарур эди.

“Темирйўлчилар ўйин бошиданоқ хужумкор футбол намойиш этдилар ва 7 дақиқадаёқ гол киритдилар. Марат Бикмаевнинг аниқ зарбасидан кейин ҳисоб очилди: 1:0. 14-дақиқада эса Бикмаевнинг ўзи “Ал-Садд” дарвозасига иккинчи тўпни ҳам киритди. Иккинчи таймда Локомотив” таркибида Санжар Шоаҳмедов (54-дақиқа), Дамир Кояшевич (79-дақиқа), Руслан Корянлар (90-дақиқа) голларга муаллифлик қилишди”, – деб таъкидлашди “Локомотив” ФК матбуот хизматида.

Эндиликда “Локомотив” ҳисобида 4 очко, “Ас-Садд” ва “Ал-Хилол”да 7тадан ва “Фулад”да 3 очко мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: