Президент ҳарбийлар улар оиласи давлатнинг ижтимоий муҳофазасида эканлигига тўлиқ амин бўлиши зарурлигини таъкидлаб ўтди

Дата: 16:14, 29-08-2017.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – Ҳарбийлар улар оиласи давлатнинг ижтимоий муҳофазасида эканлигига тўлиқ амин бўлиши зарур, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларда ислоҳотлар натижаларига бағишланган кўчма видеоселектор йиғилишида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Йиғилиш Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

“Шуни яхши тушуниб олишимиз керакки, хизматга ёки зиммасига юкланган жанговар топшириқни бажаришга кетаётган ҳарбий хизматчининг хотиржамлиги айнан шу масалага боғлиқ. У оиласи давлат томонидан кафолатланган ижтимоий муҳофазада эканига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан кейин таъкидланишича, республикада “замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган янги турар-жой бинолари барпо этиш ва ҳарбийларимиз узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира сотиб олишини кўзда тутадиган Ҳарбий хизматчилар учун ҳар йили кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш дастури тасдиқланди”. Дастурга мувофиқ, жорий йилнинг ўзида 1224 ҳарбий хизматчининг оиласи учун 56 та турар-жой биноси қурилиши мўлжалланган.

Ушбу вазифанинг мазмун-моҳияти ва нақадар муҳим эканини барча ҳудудлар раҳбарлари ҳам бирдек тушуниб етмагани, оқибатда лойиҳа ижросини бажаришда белгиланган муддатларга риоя қилинмаётгани танқид қилинди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига ғамхўрлик кўрсатиш ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг энг муҳим вазифаларидан биридир, деб таъкидлади Президентимиз. Кўҳна бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак – “Кимки ўз армиясини боқишни истамаса, бошқаларнинг армиясини боқади”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: