Президент девони ходимлари аҳоли сайёр қабулларини ўтказдилар

Дата: 16:36, 24-03-2017.

Тошкент. 24 март. ЎзТАГ –  Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ходимлари Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида аҳоли сайёр қабулларини ўтказилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад фуқаролар томонидан олинган ариза ва шикоятларни муҳокама қилиш ва уларни жойида тегишли тартибда ҳал этишдан иборатдир.

“Учрашувларда Президентнинг Виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига шикоят ва аризалар билан мурожаат этган 3 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, улар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига муаммолари юзасидан бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар”, - деб таъкидлашди Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматида.

Аҳолидан олинган шикоятларнинг кўпчилиги уй-жой, ер масалалари, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлардан олиш, суд-ҳуқуқ масалалари, кредит, бандлик, коммунал хизматлар, тадбиркорлик, моддий ёрдам, бепул ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига тааллуқли. Мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди, қолганлари бўйича туман, шаҳар ва вилоят мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: