Президент мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини $5 млрдга етказиш вазифасини белгилаб берди

Дата: 11:55, 06-11-2019.

Тошкент. 6 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини $5 млрдга етказиш вазифасини белгилаб олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, йиғилишда мева-сабзавот экспортини келгуси йилда $2,5 млрдга ва кейинги уч йилда $5 млрдга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

"Эски тизимдан бутунлай воз кечиш ва мутлақо янги узлуксиз ишлаб чиқариш занжири, яъни кооперация ва кластер тизимини ташкил этиш керак. Шу муносабат билан президент Ўзбекистонда бир қанча йирик кластер-экспортчиларни ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида даромадларни кўпайтириш, қўшимча қиймат занжирини яратиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни муайян бозор билан ишловчи тадбиркорга аниқ молиялаштириш манбаи билан бириктириш зарурлигини таъкидлади", - дейилади хабарда.

Шунингдек, хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилган Сурхондарё тажрибаси асосида 55 та туманни муайян турдаги экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш вазифаси қўйилди.

Молия вазирлигига янги тизим асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

"Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида янги ташкил этилаётган кооперация негизида 1 гектардан 5 гектаргача бўлган ер майдони ижарага берилади. "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида янги боғ ва токзорлар барпо этиш учун 1 трлн сўм ажратилади", - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида Фарғона водийси вилоятларининг 22 туманида 31 та намунавий кооперация ташкил этилади. Ҳар бир кооперацияга камида 50 нафар ишсиз фуқаро қабул қилинади, уларга фойдаланилмаётган ерлар, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шунингдек, халқаро ва маҳаллий молия ташкилотлари маблағларини жалб қилган ҳолда, гилос, ўрик, анор, шафтоли, олхўри, ёнғоқ ва бошқа меваларнинг янги замонавий боғларини яратиш орқали ҳосилдорликни ошириш топширилди. Экспортга йўналтирилган токзорларни яратиш бўйича мақсадли дастурни тасдиқлаш топширилди.

Бундан ташқари, озиқ-овқат саноати ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришда замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маркетинг ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда маҳсулот турларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, янги бозорларни ўзлаштириш топширилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдига 2019 йилда ўрик, гилос, шафтоли, ейиладиган ва шароб қилинадиган узум, анор, грек ёнғоғи, бодом кўчатлари етиштириш бўйича плантацияларни ташкил этиш вазифаси қўйилгани қайд этилади. Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳудудий участкаларида «in vitro» лабораторияларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, кўчатлар ва интенсив навларни харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун фермерларни субсидиялаш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб соғлиқни сақлаш сертификатига эга бўлмаган кўчатларни олиб кириш ва экишни тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.

“Мамлакат аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш ва экспортни ошириш учун ҳар йили ишлаб чиқаришни 8-10% га кўпайтириш ва қўшимча равишда 1 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш зарур. Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманлар ҳокимларига 2020 йилда муомалага киритиладиган 77 минг гектар озиқ-овқат экинларини, шунингдек, 200 минг гектарга "тўқсон кун" усулида сабзавот экинларини экишни таъминлаш топширилди” – дея қайд этилади хабарда.

Бундан ташқари, президент ихтисослаштирилган туманларда минерал ўғитларни сотиш пунктларини очиш, фермер ва аҳолига тегишли хизматлар кўрсатиш тизимини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: