Президент ташаббуси билан “Ўзбекистон тарихи” телеканали ташкил этилади

Дата: 12:20, 29-12-2018.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат парламентига 28 декабрдаги мурожаатномасида “Ўзбекистон тарихи” телеканалини ташкил этишни таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматидан хабар беришларича, Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида тарихдан мисоллар, ўтмишнинг таниқли алломаларидан иқтибослар келтирди, миллий ғояни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

У мамлакатнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш зарурлигини қайд этиб ўтди.

“Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак”, - деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси, Фанлар академияси ва бошқа ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: http://mynews.az

Янгилик билан ўртоқлашиш: