Президент Ўзбекистонда ҳар олтинчи жиноят аёллар томонидан содир этилаётганига эътибор қаратди
Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳар олтинчи жиноят аёллар томонидан содир этилаётганига эътибор қаратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол ҳам кишини ташвишга солмай қўймайди. Масалан, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарлидир”, - деди Ш.Мирзиёев ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги чиқишида.
У бундай салбий ҳодисанинг асосий сабабларидан бири ўқувчиларнинг паст давомати эканлигига эътибор қаратди.
“Бунинг асосий сабабларидан бири ўрта махсус билим юртларида ўқувчиларнинг давомати тушиб кетгани, бу ҳолни ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмаган эканлигидир”, - деб таъкидлади Мирзиёев.


