Президентликка номзод Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди

Дата: 12:58, 18-02-2015.

Навоий. 18 феврал. ЎзТАГ – Яқинда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясининг раиси Ў.Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Г.Сатторова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Тадбирда Наримон Умаров йиғилганларни ўз сайловолди дастури билан таништирди.

Номзоднинг сайловолди дастурида социал-демократиянинг анъанавий қадриятларига таянган ҳолда аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қиладиган иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, инновацион иқтисодиёт масаласига урғу берилган. Дастурда фақат янги технологияга асосланган иқтисодиётгина давлатимиз қудратини ошириши, ижтимоий соҳанинг тараққий этишига хизмат қилиши қайд этилган. Иқтисодиёт, фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, шунингдек, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниш зарурлиги айтиб ўтилган, деб ёзади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: