Прокуратура ҳозирча Жасурбек Ибрагимов иши атрофидаги вазиятни изоҳламайди
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Фатхулла Абдураҳимов журналистларга П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курс талабаси Жасурбек Иброҳимовни гуруҳ бўлиб дўппослашга доир иш бўйича янги тафсилотларни тақдим қила олмади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу иш бўйича Бош прокуратурасининг сайтида маълумот берилган эди, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов доирасида жиноят билан боғлиқ барча ҳолатлар ва терговга алоқадор барча шахсларга, ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Терговга таъсир қилмаслиги учун ҳозир ортиқча маълумот беролмайман. Тергов ҳаммасини ойдинлаштиради”, - деди Фатхулла Абдураҳимов 8 июндаги брифингда.
Унинг сўзларига кўра, жиноий иш 3 ой ичида якунланиши керак. Лекин Жиноят-процессуаль кодексига мувофиқ, айрим ҳолларда тергов ишлари 5 ой ва ҳатто 7 ойгача давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, май ойи бошида Боровский номидаги тиббиёт коллежида коллеж талабаси Жасурбек Ибрагимов шафқатсизларча дўппосланган. Шифокорлар уни уч марта мураккаб операция қилдилар, лекин у 1 июн куни оламдан ўтди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ишнинг асосий фигуранти бўлган Исломбек Тулагановнинг ишини ўз назоратига олди. ИИББ маълумотига кўра, ҳозирда иш бўйича олти киши жалб қилинган, булардан бири Исломбек Тулагановдир. Қолган беш киши Жасурбек Ибрагимовни калтаклашда қатнашганини инкор қилмоқда.