Пушкин конкурси лауреати ватани Қорақалпоғистонда қутланди

Дата: 14:37, 20-06-2014.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Қорақалпоғистон Республикасидаги 18 сонли ўрта мактабнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Раъно Жуманова Халқаро Пушкин конкурсининг ғолибларидан бири бўлди. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Рус маданий марказида (ҚР РММ) уни қутлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Россотрудничество” ваколатхонасидан хабар қилишларича, тадбирда ҚРдаги РММ бошқаруви аъзолари, қорақалпоқ жамоатчилиги, ОАВ вакиллари ва ўқитувчилар қатнашдилар. ҚРдаги РММ раиси Галина Зоркина Раъно Жумановани табриклаб, унга зафарлар тилади.
Қорақалпоғистонлик педагог Халқаро Пушкин конкурсининг ўзбекистонлик етти ғолибларидан бири бўлди. Бу йил буюк шоир номидаги танлов 14 марта ўтказилди. Маълумот ўрнида эслатиб ўтамизки, конкурс “Российская газета” нашри, Москва шаҳри Ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар департаменти томонидан Россия ТИВ ва “Русский мир” жамғармаси кўмагида ташкил қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: