Путиннинг Ўзбекистонга ташриф дастури мазмунли бўлади

Дата: 14:38, 10-12-2014.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи дастури ўта тиғис ва мазмунли бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Россия ОАВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотларини РФ бозорига етказиб беришни кўпайтириш истиқболлари масаласини ҳам муҳокама қиладилар. Хусусан, сентябрда ушбу масала икки мамлакатлар компаниялари даражасида муҳокама қилинган, 2014 йил ноябр охирида эса Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳани йўлга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Шунингдек, томонлар ўзаро молия даъволари ҳақидаги масалани ҳам ҳал қилишлари зарур. Бундан ташқари, тўрт хужжат имзоланишга тайёр. Булар ҳукуматлар орасидаги ўзаро молиявий талаб ва мажбуриятларга доир келишув, 2015-2019 йилларда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари бўйича келишув, ноқонуний айланишдан олиб қўйилган наркотик моддалар ва психотроп моддаларни тадқиқ қилиш натижалари билан алмашишга доир муассасалараро протокол ва Россия ва Ўзбекистон ТИВ ўртасидаги 2015 йилги ҳамкорликка доир дастурлардир.

Шу билан бирга, президентлар Қирғизистон жанубига ўзбек газини етказиб беришнинг тўхтатилиши, Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича давлатлараро қарама-қаршиликлар, Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қиладилар. Яна томонлар Евроосиё иқтисодий иттифоқининг амал қилишини ҳам кўриб чиқадилар.

Музокаралар Путин ва Каримовинг суҳбати билан бошланади, кейинчалик уларга делегация аъзолари қўшиладилар. Шундан кейин хужатларни имзолаш маросими ва икки етакчининг баёноти бўлади. Ташриф тантанали зиёфат билан якунланади ва россия президенти Ҳиндистонга учиб кетади.

Эслатиб ўтамизки, Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги келишувга РФ раҳбарининг Ўзбекистон президенти билан жорий йил сентябрда Душанбедаги ШҲТ саммитидаги учрашувида эришилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: