"Ўзқурилишматериаллари” компанияси томонидан биринчи чоракда 650,3 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди

Дата: 19:40, 17-06-2014.

Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи чорагида “Ўзқурилишматериаллари” компанияси томонидан 650,3 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш суръатлари 103% ташкил қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Жорий йилнинг биринчи ярмида компания 1,325 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариши башорат қилинмоқда.
Компаниядан хабар беришларича, 2013 йил якунлари бўйича бирлашма томонидан жами 2388 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 2012 йил билан таққослаганда ўсиш суръати 5,8% ташкил қилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 202 млрд сўмга етказилиб, бу борадаги ўсиш 9,9% тенг бўлди.
2013 йил якунлари бўйича “Ўзқурилишматериаллари” АК маҳсулотлари экспорти $74,2 млнни ташкил этиб, маҳсулотлар Россия, Афғонистон, Эрон, БАА ва бошқа мамлакатларга чиқарилмоқда.
2015-2016 йилларда керамик плитка, газобетон ва сантехник керамика ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Хусусан, ўтган йили " Stroy Max Invest " ўзбек-англия қўшма корхонаси томонидан қуввати 54 минг м3 бўлган газобетон ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тошкент вилоятида Жанубий Корреянинг “Jaal & Bridge International. LTD” компанияси томонидан йилига қуввати 6 млн донага тенг бўлган, юқори сифатли архитектуравий пардозбоп ғиштларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Айни пайтда Хитой, Эрон ҳамда Россия давлатларининг инвестициялари иштирокида керамик плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ишлари олиб борилаяпти.
Шунингдек, “Ангрен” маҳсус индустриал зонасида архитектуравий пардозбоп ғиштлар, керамик ғиштлар, гипс кукуни, гипсакартон, глазурланган керамогранит ва керамик плиткалар ҳамда санитар керамика буюмларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: