ҚР Мажилиси Ўзбекистон билан халқаро автомобиль алоқаси тўғрисидаги тузилган шартномага қўшилган ўзгартиришларни маъқуллади

Дата: 13:11, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Қозоғистон Республикаси парламенти депутатлари ялпи мажлисда “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль алоқаси тўғрисидаги 2006 йил 20 мартда тузилган шартномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш  тўғрисидаги баённомани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини маъқулладилар, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

“Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йўловчилар ташиш бўйича алоқаси мавжуд эмас, бу эса, ўз навбатида чегарасини кесиб ўтишда ноқулайликлар туғдиради”, - деди ҚР инвестициялар ва ривожланиш вазири Женис Қосимбек қонун лойиҳасини депутатларга тақдим эта туриб.

Айни пайтда у баённома билан автомобиль транспортида мунтазам, доимий бўлмаган ва транзит ташувларни амалга ошириш учун ҳуқуқий меъёрлар белгилаб беришини айтиб ўтди. Унинг фикрига кўра, баённома савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш учун ижобий туртки беради, шунингдек, аҳоли мобиллигини оширишга кўмаклашади ва иккитомонлама муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

“Баённома кучга киргандан кейин икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўртасида мунтазам автобус маршрутлари очилади. Бизнинг режаларга кўра, маршрутлар жорий йилнинг охиригача очилади”, - деб таъкидлади муассаса раҳбари.

Мажлиснинг тегишли қўмита хулосасида таъкидланганидек, ҚР “Қозоғистон Республикаси халқаро шартномалари тўғрисида” ги қонуннинг 4-моддаси 4-бандига мувофиқ, баённома ратификация қилиниши керак. Қўмита маълумотларига кўра, қонун лойиҳасининг асосий мақсади Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги йўловчи ташувларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва давлатлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларни чуқурлаштиришдан иборат.

Қонун лойиҳаси Остонада 2017 йил 23 мартда амалга имзоланган баённомани ратификация қилишга қаратилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: