ҚР Миллий банки “Буюк саркардалар туркумидан” “Amir Timur” ёдгорлик кумуш тангасини муомалага чиқарди

Дата: 08:45, 30-01-2015.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Яқинда Қозоғистон Республикаси Миллий банки “Буюк саркардалар туркумидан” қиймати 100 тенгега тенг бўлган “proof” сифатидаги “Amir Timur” ёдгорлик кумуш тангасини муомалага чиқарди, дея хабар беради Ўзбек телегаф агентлиги (ЎзТАГ) қозоқ ОАВ асосланган ҳолда.

“Amir Timur” ёдгорлик кумуш тангасининг юз томонидан Қозоғистон Республикаси гербининг олтин суви юритилган тасвири, танга номиналини билдирувчи “100 TENGE” ёзуви, отда чопиб кетаётган жангчи тасвири ва пул чиқарилган санани ифодаловчи “2014” ёзуви бор. Танганинг ён атрофида давлат тилидаги “ҚАЗАҚСТАН ҰЛТТЫҚ БАНКІ” ва инглиз тилидаги “NATIONAL BANK OF KAZAKHSTAN” ёзувлари мавжуд.

Танганинг орт томонидан буюк саркарда Амир Темурнинг антрополог М.Герасимов томонидан ҳайкал портрети, иккинчи планда улуғ саркарда буйруғи билан қурилган Аҳмад Яссавий мавзолейи ва савдо карвони тасвири жойлашган. Унинг тепа қисмида айлана шаклида инглиз тилидаги “AMIR TIMUR” ёзуви ва саркарданинг ҳаёт йилларини ифодаловчи “1336-1405” саналари мавжуд. Танганинг қуйи қисмида Қозоғистон зарбхонаси савдо белгиси ва танга ясалган темир, унинг проба ва оғирлигини билдирувчи “Ag 925 31,1g” ёзуви бор.

Танганинг ҳар икки томониларидаги тасвир ва ёзувлар рельефли. Танга 925 пробали кумушдан ясалган бўлиб, оғирлиги 31,1 гр, диаметри – 38,61 мм, максимал адади– 13 минг дона.

Бундан ташқари, ҚР Миллий банки яна “proof” сифатидаги 5 ёдгорлик кумуш тангаларини ҳам зарб қилди. Улар орасида “Дашт хазиналари” сериясига мансуб “Тайказан” тангалари (номинали 500 тенге), “Шәкен Айманов” тангаси (номинали 500 тенге, қозоқ режиссёрининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан), “Космос” сериясига кирувчи “Бўрон” иккирангли тангаси (номинали 500 тенге), “Совға-танга” сериясига мансуб “8 Март” тангаси (номинали 100 тенге), “Баскетбол. Олимпия ўйинлари -2016” тангалари (номинали 100 тенге) бор.

Маълумот ўрнида, Амир Темур – Марказий, Жанубий ва Ғарбий Осиё, шунингдек, Кавказ, Поволжье ва Русь тарихида сезиларли рол ўйнаган Ўрта Осиёлик жаҳонгир саркардадир. У пойтахти Самарқанд шаҳрида бўлган Темурийлар империясига асос (1370 йилда) солган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: