Рақобатни ривожлантириш учун Наманган ва Навоийда мотоцикл техникасини ишлаб чиқариш бўйича иккита завод очилади

Дата: 13:31, 05-06-2018.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Рақобатни ривожлантириш учун Наманган ва Навоийда мотоцикл техникасини ишлаб чиқариш бўйича иккита завод очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга таянган ҳолда.

“Наманган вилоятида Хитойнинг Lifan компанияси билан янги корхона очилади. Скутер, мотоцикл ва уч ғилдиракли юк мотороллерлари ишлаб чиқарилади. Айтиш мумкинки, бу бизнинг тармоқ учун янги техника. Заводни Норин механика заводи базасида йил охиригача ишга туширишни режалаштирмоқдамиз”, - деди Sputnik Узбекистан мухбирига “Ўзавтосаноат” раҳбари Умиджон Салимов.

Унинг сўзларига кўра, Навоийда Bajaj ҳинд ширкати билан яна бир мотоцикл заводини ишга тушириш кўриб чиқилмоқда.

Салимовнинг фикрига кўра, бир хил маҳсулот чиқарувчи бирданига икки заводнинг очилиши ўзбек ички бозорини рақобатбардош қилади.

Эслатиб ўтамизки, Lifan  автомобиллар, мотоцикллар ва двигателларни ишлаб чиқариш, сотиш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Бугунги кунга келиб компания бутун дунёдаги 10 минг салондан ортиқ бўлган дилерлик марказлари тармоғи орқали иш юритмоқда. Lifan Motors дилерлик марказлари 42 мамлакатда очилган.

Bajaj – Ҳиндистондаги энг йирик мотоцикл ва тижорат транспорти ишлаб чиқарувчиси, икки ва уч ғилдиракли транспорт воситалари ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Бренд Лотин Америкаси, Африка, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европада машҳур.

Сурат манбаи: https://moto.drom.ru/kemerovo/sale/motocikl-bajaj-pulsar-rs-200-53675012.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: