Рамазон кунлари Тошкентнинг қайси кўчалари ёпиқ бўлиши маълум бўлди

Дата: 13:45, 07-05-2019.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Рамазон кунлари Тошкентнинг қайси кўчалари ёпиб қўйилиши маълум бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкентдаги Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, муқаддас Рамазон кунлари ҳар куни соат 20.00 дан 24.00 гача йўл ҳаракати хавфсизлигини, жамоат тартиби ва масжидлар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қатор кўчалар ёпиқ бўлади”, - дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабарида.

Рўйхатда қайд этилганидек, Олмазор тумани (Келес кўчаси –- Норазтепа кўчасидан Соғбон 2-тор кўчасига), Сергели тумани (Қипчок кўчаси – Янги Сергели кўчасидан темир йўл ўтиш жойи ва У.Маҳмудов кўчасига), Учтепа тумани (Лутфий кўчаси –- Катта Хирмонтепа кўчасидан Катта-қани кўчасига), Чилонзор тумани (Ал-Хоразмий кўчаси – Катта Хирмонтепа кўчасидан Катта қани кўчасига), Шайхонтоҳур тумани (Маннон Уйғур кўчаси –Нурафшон кўчасидан Бешқайрағоч кўчасидан Оқсой кўчасининг бир қисми), Яккасарой тумани (Яккасарой кўчаси – Боғибўстон кўчасидан С.Насафий кўчасига) ва Яшнобод тумани (Фарғона йўлига туташ иккинчи даражали йўл кўчасигача).

"Биз барчадан муқаддас Рамазон ойи кунларида машиналарини масжидлар ёнида бошқаларнинг йўлини тўсган ҳолда қолдирмай, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИББ томонидан махсус ташкил этилган жойларда қолдиришингизни сўраймиз. Имкон қадар шаҳар жамоат транспорти хизматларидан фойдаланишингизни сўраб қоламиз", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Муқаддас Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида"ги фармонга имзо чекканди, унга мувофиқ Рамазон ойининг бошланиши 2019 йил 6 майга тўғри келди.

 

Сурат манбаи: iibb.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: