Рауф Салаходжаев жаҳоннинг 100 энг яхши иқтисодчилари рўйхатига кирди
Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ўқитувчиси Рауф Салаходжаев дунёнинг 100 нафар энг яхши ёш иқтисодчилари рўйхатига кирди, деб хабар беради Газета.uz нашри.
Рўйхат RePeC (Research Papers in Economics – “Иқтисод фани бўйича илмий мақолалар”) ташкилоти томонидан тузилади.
Ўзбекистон вакили илк бор ушбу рўйхатга киритилган бўлиб, 32-поғонадан жой олган. У биринчи элликталикдан ўрин эгаллаган МДҲнинг ягона вакили ҳисобланади. Top-50га Рауф Салаходжаевдан ташқари Осиёнинг яна икки вакилигина – Ҳиндистон ва Япония иқтисодчилари киритилган.
Рауф Салаходжаев АҚШнинг Фулбрайт дастури стипендианти бўлиб, 2012 йилда Нью-Йорк давлат университетида иқтисодиёт бўйича магистр илмий даражасини олган. 2013 йилдан Рауф Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети макроиқтисод ўқитувчиси ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг катта илмий ҳодимидир.
Рауф Салаходжаевнинг илмий ишлари давлат ва миллатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ қилишга бағишланган. Шунингдек, у макроиқтисоддаги “иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари” деб аталмиш янги йўналишда тадқиқот олиб бораётган саноқли олимлардан бири ҳисобланади. Олим томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари дунёда машҳур бўлган Ресе Intelligence, Kyklos, Environmental Research илмий журналларида чоп этилган ва уларга Forbes ва National Policy ахборот агентликлари томонидан юқори баҳо берилган.
Рауф Салаходжаев кейинги икки йил давомида иқтибос келтириш бўйича Web of Science индекси ва Халқаро интеллектни ўрганиш уюшмасига (АҚШ) аъзо журналларда 15дан зиёд мақолалар чоп этган.
RePeC АҚШ Сейнт Луис (АҚШ) Федерал резерв банкининг тадқиқотлар бўлими томонидан мувофиқлашитирилади ва дунё бўйлаб 50 мингдан ортиқ иқтисодчиларнинг фаолиятини кузатиб боради. Турли тоифалар бўйича энг яхши иқтисодчилар рейтинги мақолалардан келтирилган иқтибослар сони ва журналнинг нуфузига мувофиқ тузилади.