Равшан Эрматов Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатидан Ўзбекистонга қайтиб келди

Дата: 17:35, 16-07-2014.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – Бугун,16 июл куни, ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиси Абдулҳамидулло Расуловлар эрталабги рейс билан Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатидан ватанларига қайтиб келишди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрисидаги маълумот Sports.uz сайтида эълон қилинди.
Тошкент халқаро аэропортида уларни кутиб олиш учун уларнинг оила аъзолари, футбол жамоатчилиги, журналистлар ва мухлислар ҳозир бўлдилар. Ўзбек заминига қадам қўяётган ҳакамларимизнинг ниҳоятда ҳаяжонланаётгани шундоқ кўриниб турарди.
“Яна Ўзбекистонимизга соғ-омон етиб келганимиздан хурсандмиз. Биз тўртта ўйинни ўтказиб, барча жаҳон чемпионати тарихидаги ўйинларимизни 9тага етказган ҳолда рекорд ўрнатдик. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам” деб биз ёшларга айтган шиорининг амалдаги ифодасидир. Жаҳон чемпионати ўйинларида биз ана шу сўзларни доимо ёдимизда тутдик. Ҳар бир ўйин олдидан Ўзбекистонлик мухлисларнинг дуоларини ҳис қилиб турдик. Жаҳонда Ўзбекистон футболининг обрўсини кўтаришга уриндик. Финал олдидан ҳам кўпчилик бизнинг чиқишимизни кутган эди. Буни билиб турардик. Бироқ, вазият ўзгариб қолди. Лекин, бу нарса бизни ўз устимизда янада қаттиқроқ ишлашга ва навбатдаги жаҳон чемпионатида ўз орзуимиз сари ҳаракат қилишга ундайди. Бизни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат”, - деди Равшан Эрматов аввалабор.
“Мен Равшаннинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Мен учун бу биринчи жаҳон чемпионати. Тўрт йил аввал ўзбек ҳакамлари жуда юқори савияда футбол намойиш этишганди ва бу сафар биз ана шу юқори савияни сақлашга ҳаракат қилдик. Жаҳон чемпионати бу жуда катта тажриба мактаби бўлди. Бизни қўллаб-қувватлаб турган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, - деб таъкидлади ўз навбатида ФИФА реферисининг ёрдамчиси Абдулҳамидулло Расулов.
Эслатиб ўтамизки, Бразилиядаги чемпионат давомида Равшан Эрматов бригадаси 4 ўйинни ўтказди. Булар Швейцария – Эквадор (1-гуруҳ тури), АҚШ – Германия (3- гуруҳ тури, Мексика – Хорватия (3- гуруҳ тури), Голландия – Коста-Рика (чоракфинал).
Шундай қилиб, илгари мундиалларда 5 ўйинга хизмат қилган Равшан Эрматов ҳакамлар ўртасида жаҳон чемпионатларида ўтказилган ўйинлар сонини 9тага етказиб, ана шу кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: