Равшан Эрматов Huaweiнинг Ўзбекистондаги бренд-элчиси бўлди

Дата: 17:42, 01-07-2016.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – Таниқли ўзбек рефериси Равшан Эрматов Huaweiнинг навбатдаги бренд-элчиси бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Huawei ширкати бутун дунёда футболга яқиндан боғлиқ ва ўз маҳсулот ва смартфонларини жаҳон миқёсидаги юлдузлар ёрдамида илгари суради. Ўзбекистонда бундай киши FIFA футбол арбитри, Осиёнинг 5 карра энг яхши рефериси, Global Soccer Awards мукофоти соҳиби Равшан Эрматовдир”, - деб таъкидлади Huaweiнинг Ўзбекистондаги бош директори Ван Пен юқоридаги воқеага бағишланган матбуот анжуманида.

Шунингдек, у Эрматов ҳаққоний футбол рамзи эканлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Равшан Эрматов Huawei компаниясига ўз брендини Ўзбекистонда илгари суриш учун уни танлагани учун миннатдорчилик билдирди.

“Huawei брендини Ўзбекистонда танитиш учун мени танлашганидан хурсандман. Бу бренд бутун дунёда футболни тарғиб қилиш билан шуғулланади. Месси, Левандовски ва Санчес каби юлдузлар қаторида элчи бўлиш мен учун шараф”, - деди Равшан Эрматов.

Эслатиб ўтамизки, Равшан Эрматов Ўзбекистонда йилнинг тўққиз карра энг яхши ҳаками, Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, Global Soccer Awards мукофоти соҳибидир.

Маълумот ўрнида, Лионель Месси жорий йилда бренднинг “глобал элчиси” бўлган эди. У Huaweiнинг сўнгги моделдаги смартфонларини тақдим этмоқда. Роберт Левандовски эса компанияниг Польшадаги юзидир. Ёш ва талантли колумбиялик футболчи Хамес Родригес ширкатнинг лотин америкаси мамлакатларидаги рамзидир. Англиянинг “Арсенал” клуби хужумчиси Алексис Санчес компаниянинг Чили ва Буюк Британиядаги юзидир.

Бундан ташқари, бренд элчилари орасида швейцариялик теннисчи Белинда Бенчич, киноактерлар Генри Кавилл (“Супермен”) ва Скарлет Йохансон, Ливанлик хонанда Нэнси Ажрамлар бор.

Янгилик билан ўртоқлашиш: