Равшан Эрматовнинг Бразилиядаги 2014 йилги ЖЧ энг яхши ҳакамлиги учун олтин медали ҳақидаги маълумотга аниқлик киритилди

Дата: 17:08, 21-07-2014.

     Тошкент. 21 июл. ЎзТАГ – Равшан Эрматовнинг Бразилиядаги 2014 йилги ЖЧ энг яхши ҳакамлик учун олтин медали ҳақидаги маълумот нотўғри бўлиб чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

     Бу ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Футбол федерациясининг расмий сайтида эълон қилинди.
     Эрматовнинг ўзи ЎФФ матбуот хизматига берган маълумотига кўра, ФИФА ҳақиқатдан ҳам у бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳига медал топширган, лекин ушбу медал олтин медал эмас, балки совға шаклидаги оддий медалдир. Бундай медаллар Бразилиядаги жаҳон чемпионати ўйинларига хизмат кўрсатган барча ҳакамларга топширилган.
     “Ушбу совға шаклидаги медалнинг финал ўйини ҳакамлари мукофотланадиган олтин медалга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, - дейилади ЎФФ хабарида.
     Эслатиб ўтамизки, ўтган ҳафта Р. Эрматовнинг ёрдамчиси Баҳодир Қўчқоров Бишкекдаги матбуот анжуманида Эрматов бригадаси Бразилиядаги энг яхши ҳакамлик учун олтин медал олгани ҳақида маълум қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: