“Реал” – “Атлетико”: Чемпионлар лигаси финалининг шов-шуви Роналду ҳақида хабарлардан бошланди

Дата: 15:21, 25-05-2016.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Чемпионлар лигаси финалининг шов-шуви Роналду ҳақида хабарлардан бошланди. Ушбу хабарлар интернетга 24 майда – ҳал қилувчи ўйиндан тўрт кун олдин чиқарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аввал 14.17да DailyMail Роналду машқда ёрдамчи дарвозабон Кико Касилья билан тўқнашиб кетгани ҳақида ёзди. Майдонга врачлар чиқишига олиб келган тўқнашувдан сўнг Криштиану машқдан оқсаб чиқиб кетган.

40 дақиқадан сўнг, 14.57да Marca нашри Роналдунинг жароҳати жиддий эмаслиги ва у финалда ўйнашини маълум қилди.

Тўрт соатдан кейин – 19.05да Роналдунинг ўзи Твиттердаги саҳифасида “Менда машқ давомида муаммолар юзага келди, лекин мен эртага ёки индинга ўзимни тиклаб оламан”, деб ёзди.

Маълумки, Еврокубокнинг ҳал қилувчи ўйини олдидан рақиблар ҳақида ҳар қандай маълумот катта аҳамият касб этади.

Барчамиз биламизки, “Атлетико” мураббийси Диего Симеоне жуда таъсирчан киши бўлиб, кўпинча ўйинда 12-футболчи сифатида иштирок этади. Аммо юқоридаги каби муҳим маълумотлар ҳам Симеонени асосий масала – реваншдан чалғита олмайди. Чунки у жамоаси “Реал”ни енга олмаган 2014 йилги ЧЛ финалини яхши эслайди.

Диегонинг характеридан келиб чиқсак, у айнан ўч олишни истамоқда.

Бироқ “Реал” бош тренери Зайниддин Зиданнинг ҳам бўш келмаслик учун ўз сабаблари бор. Вақтида ажойиб футболчи бўлган ушбу мураббий дунёнинг етакчи тренерлари сафига кириш ниятида. Мазкур финал эса ушбу йўлдаги илк имтиҳондир.

Агарда унинг жамоаси ўйинда юта олмаса ҳам уни кечиришларига, жамоани яна идеал ҳолатга келтиришга муҳлат беришларига шубҳа йўқ. Чунки жаҳон даражасидаги ўйинчилари бўлган жамоанинг ўйини мукаммал бўлиши зарур.

Эслатиб ўтамизки, Чемпионлар лигаси финали 28 майда тошкент вақти билан соат 23.45да Миландаги Сан-Сиро стадионида бўлиб ўтади. Бу бир мамлакатдан икки жамоа қатнашувчи олтинчи ва бир шаҳарнинг икки клуби беллашувчи иккинчи финалдир.

Эсингизда бўлса, ушбу жамоалар 2014 йилги ЧЛ финалида ҳам ўйнаган, унда “Реал” қўшимча вақтда 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: