Регби-7 бўйича Ўзбекистон аёллар термаси Голландияда ўқув-машқ йиғинини ўтказди

Дата: 11:17, 15-01-2015.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – 6-13 январ кунлари регби-7 бўйича Ўзбекистон аёллар термаси Голландиянинг Кастрикум шаҳрида ўқув-машқ йиғинини ўтказди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистонлик мураббий ва регбисткалар Голландия миллий термаси ва “Кастрикум” клуби билан биргаликда машқлар ўтказдилар, ушбу спорт тури бўйича етакчи европа мутахассисларининг маҳорат дарсларига ташриф буюрдилар. Шунингдек, ўзбекистонлик қизлар мини-турнирда иштирок этиб, Castricum Ladies, Den Haag, Amsterdam United, Paarse Rebellen, Dutch Lions клублари билан ўйинлар ўтказдилар. Турнир якунлари бўйича Ўзбекистон термаси финал ўйинида Dutch Lions жамоасига 5:0 ҳисобида ютқазиб, иккинчи ўринни олди”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон Регби федерацияси матбуот хизматида.

“Бу бизга европанинг регбига доир тажрибасини ўрганиш учун ажойиб имконият бўлди. Шубҳасиз, биз олган ўйин амалиёти регбичиларимиз малакасини оширишга ва 2016 йилги Олимпиа ўйинларига бориш учун лицензия олиш имкониятларини кўпайтиришга хизмат қилади”, – деб таъкидлади регби бўйича Ўзбекистон аёллар термасининг бош тренери Олег Галкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: