Республика товар хом-ашё биржасидаги битимлар сони икки баробардан кўпга ўсди

Дата: 16:02, 24-10-2018.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Тўққиз ойда Ўзбекистон Республика товар хом-ашё биржасида (ЎзРТХБ) 22,4 трлн сўмлик битимлар тузилди, бу эса 2017 йилнинг муқобил давридаги кўрсаткичдан 2,2 марта юқоридир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзРТХБ маълумотларига кўра, бундан биржа савдоларининг улуши 92%га яқин, яъни 20,6 трлн сўмни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида рўйхатга олинган янги савдо иштирокчиларининг сони 4 баробардан ҳам ошиб кетди ва деярли 33,5 минг мижозни ташкил қилди.

Биржа ва аукцион савдоларда тадбиркорларнинг фаол иштирок этганлиги ЎзРТХБда товар айланмасининг динамик ўсишига хизмат қилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномалар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61%га ўсиб, 11,4 трлн сўмни ташкил этди. Шу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 8,4 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилишган ва 3 трлн сўмга тенг ўзлари ишлаб чиқарган товарларни сотишган.

Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 881,4 млрд сўмга тенг шартномалар тузилган. Уларнинг асосий қисмини кимё саноати маҳсулотлари – 35%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 20%, металл маҳсулотлари – 18% ва қурилиш материаллари – 7%ни ташкил қилади.

Биржанинг валюта савдо майдончаси ва интернет савдолари орқали $87,1 млнга тенг маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди ва ўсиш даражаси 82%га тенг бўлди. Шу жумладан экспортга полиэтилен (улуши – 30%), пахта толаси (28%), рангли металлар (18,5%) ва нефть маҳсулотлари (13%) сотилди.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган давр мобайнида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 161,1 млрд сўмга тенг маблағлари иқтисод қилинди. Яъни, электрон дўкон орқали 30,8 млрд сўмлик маблағ тежалган бўлса, электрон аукцион ўтказилиши натижасида 130,3 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.

Сурат манбаи: http://infocom.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: