РФБнинг ҳафталик савдолари ҳажми 596,5 млн сўмни ташкил қилди
Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – 2017 йилнинг 26-30 июн кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 8 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 39 та битим қайд қилиниб, 2,3 млн дона акция 596,5 млн сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 97,7% тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 28 июн санасида “Ravnaq-bank” ХАТБнинг 400 минг дона акцияси билан 400 млн сўм миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни “Hamkorbank” АТБ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу жамиятнинг 229,4 минг дона акциялари билан 35,5 млн сўмлик 13 та битим амалга оширилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Ravnaq-bank” ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 67,1%), “O'zsanoatqurilishbank” АТБ (24,5%), “Hamkorbank” АТБ (6%), “Olchazor aziya” АЖ (1,9%) ва “Toshkent univermagi” АЖ (1%) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 99,7%ини ташкил этади.
Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (93,9%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди: “Toshkent univermagi” АЖ. Нисбат – 9,66:1. Ушбу акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 15 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 1 552 сўмни ташкил қилади; “Olchazor aziya” АЖ. Нисбат – 6,00:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 30 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 5 000 сўмни ташкил қилади.
“Тошкент” РФБда йил бошидан буён 33 млрд сўмлик 1351 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 72 та эмитентнинг 1 064,6 млн дона қимматли қоғозлари сотилган.
$1=3986,55 сўм