Ригада ўзбек-латвия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Дата: 16:42, 23-02-2016.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Яқинда Рига шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўн учинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Таъкидланишича, Латвия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари, ТИВ сиёсий директори Эдуардас Стипрайс бошчилик қилди.

“Учрашувда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси таҳлил қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар” - дейилади хабарда.

Шунингдек, суҳбатда “Ўзбекистон-Латвия олий даражадаги мунтазам учрашувлари ўзаро манфаатли муносабатларининг негизи ҳисобланади ҳамда ушбу алоқалар томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб жадал ривожланиб бораётгани” таъкидланган.

“Томонлар бир-бирларини узоқ муддатли ва ишончли ҳамкор деб ҳисоблайдилар. Муносабатлар очиқлик ва манфаатларни эътироф этишга асосланади ҳамда сиёсий мулоқот, парламентлар ва давлат идоралари ўртасидаги алоқалар, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳалари каби йўналишларни қамраб олади”, - деб қайд этилади хабарда.

Суҳбат чоғида 2016-йилга мўлжалланган турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси Латвия ТИВ давлат котиби Андрей Пилдегович билан учрашув ўтказди.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Латвия ўртасидаги товар айланмаси $245,7 млнни, 2015 йилнинг 9 ойида $134,1 млнни ташкил қилди.

Ўзбекистонда Латвия сармоядорлари иштирокида 32 корхона мавжуд, 16 латвия компаниялари ваколатхоналари рўйхатга олинган.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро қулай савдо-сотиқ режими амал қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: