Ўрмонлар куни Ўзбекистонда дарахтлар ўтқазиш билан нишонланди

Дата: 17:22, 30-03-2016.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Бурчмулла ўрмон хўжалиги корхонаси ҳудудида ўтган якшанба куни дарахтлар ўтқазиш бўйича экологик акция ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, акция Халқаро ўрмонлар кунига бағишланди. Ундан кўзланган мақсад Бурчмулла ўрмон хўжалиги корхонаси ходимларига дарахтлар экиш ва ўрмонни қўриқлаш тадбирларини ўтказишда ёрдам беришдан иборат.

Акцияни ўтказишда Тошкент Давлат аграр университети талабалари, давлат органлари, фуқаролик институтлари, мамлакатнинг қатор компаниялари вакиллари фаол қатнашдилар.

Бурчмулла ўрмон хўжалиги корхонаси томонидан 1 мингдан ортиқ кўчатлар, жумладан, япон сафораси, каштан ва эман каби ноёб дарахтлар ажратилди.

Эслатиб ўтамизки, Халқаро ўрмонлар куни 21 мартда нишонланади. У БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2012 йил 21 декабрда таъсис этилган.

Ўзбекистонда ўрмон фондининг умумий майдони 9,65 млн гектар ёки мамлакат ялпи майдонининг 19,5% ташкил қилади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: