Россия алкоголдан ўлим ҳолатлари бўйича рейтингда етакчилик қилмоқда

Дата: 15:20, 13-05-2015.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) ушбу ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлардаги алкоголь истеъмоли даражасига доир солиштирма ҳисоботни эълон қилди, деб ёзади Росбалт.

“Тадқиқотчилар алкоголь кўпинча хавф омили эканлигини таъкидламоқдалар. ИҲРТ ҳисоботи маълумотларига кўра, Россияда 30% ўлим ҳолатлари у ёки бу шаклда алкоголь истеъмоли билан боғлиқ”, - дейилади хабарда ташкилот маърузасига асосланган ҳолда.

Ҳисоботга мувофиқ, кейинги 20 йилда ривожланган мамлакатларда алкоголь истеъмоли ўртача 2,5% пасайган.

2012 йилда ИҲРТ мамлакатларида аҳоли жон бошига йилига ўртача 9,1 л алкоголь тўғри келган. Бу кўрсаткич Эстония, Австралия ва Францияда бир оз юқори бўлиб, йилига 12 литрга тенг. Жанубий Корея, АҚШ, Канадада энг кам ичилиши қайд этилган.

Маърузада алкоголга умумий қизиқиш камайгани билан кўплаб мамлакатларда тескари ҳолат кузатилатгани айтилади. Хусусан, Россия ёшлар ўртасида пиёнисталик ўсиш суръатлари бўйича етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Эстония, Ҳиндистон ва Хитой бормоқда. Норвегия, Исландия, Польша, Швеция, Финляндия, Буюк Британия ва Ирландияда ҳам таҳликали ҳолат кузатилмоқда. Айни пайтда ёш итальян, француз ва Словенияликлар алкоголни кам истеъмол қила бошлаганлар.

Ривожланган мамлакатларда истеъмол қилинаётган алкоголнинг асосий қисми 20% аҳоли ҳиссасига тўғри келмоқда. Этник гуруҳлар вакиллари маҳаллий аҳолига қараганда одатлда камроқ ичишлари қайд этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: