Россия Бош прокуратураси Ўзбекистонлик ҳамкасблари сўровини қондирди

Дата: 18:02, 07-07-2016.

Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ - Россия Бош прокуратураси Ўзбекистонлик ҳамкасбларининг ўзбек фуқаросини одам савдоси учун жиноий жавобгарликка тортиш учун топшириш тўғрисидаги сўровини қондирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РФнинг Қўрғон вилояти прокуратурасидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Хабарда айтилишича, “вилоят прокуратураси томонидан халқаро қидирувда бўлган 1987 йилда туғилган Исмоилова Л.Н.га нисбатан экстрадицион текширув амалга оширилди”.

 “Исмоилова Л.Н ушбу мамлакат ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ЖК 135 моддаси 3 қисми “г” пункти (одам савдоси) билан кўзда тутилган жиноятни қилганликда айбланмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

“Аниқланишича, Исмоилова Л.Н. жиноий ташкилот юргизиб, унга ўзи бошчилик қилган. У жиноий тўда аъзоларининг ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб берган. Ушбу гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикасидан ташкилотда махсус ташкил этилган жойларда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш учун Қозоғистон Республикасига қизлар олиб келган. Текширув пайтида Исмоилова Л.Н. Россия фуқароси эмаслиги ва уни жазога тортиш муддатлари ўтиб кетмагани аниқланган”, – дейилади маълумотда.

Исмоилова Л.Н. Россиянинг Новосибирск вилоятидаги вақтинчалик сақлаш изоляторларидан бирига Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш учун келтирилгани таъкидланмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, аёлга беш йилдан саккиз йилга қадар бўлган муддатга қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: