Россия экспорт маркази ўзбек компаниялари билан қатор келишувлар имзолади
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Россия экспорт маркази (РЭМ) ўзбек компаниялари билан қатор келишувлар имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ҳужжатлардан бири ЭКСАР (Россия экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги), Газпромбанк, Ўзбекистон молия вазирлиги ва Jizzakh Petroleum ҚК ўртасидаги тўрттомонлама келишув бўлди. Келишув Жиззах вилоятидаги нефтни қайта ишлаш мажмуи қуриш бўйича лойиҳани молиялаштиришни кўзда тутади.
“Бундан ташқари, РЭМ, Газпромбанк ва “Ўзбекнефтегаз” Шўртан газкимё мажмуининг тозаланган метани асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги келишув имзоланди. Ҳужжат лойиҳани Росэксимбанк ва Газпромбанк томонидан ЭКСАР суғуртаси кўмагида молиялаштиришни назарда тутади”, – деб таъкидлашди марказ матбуот хизматида.
Шунингдек, РЭМ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ўртасида келишув тузилди. Ҳужжат ўзбек банки томонидан россия маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича $41 млнлик операциялар бўйича кредит лимитини белгилашни мустаҳкамлайди.
“Ўзбекистон РЭМ таҳлилчилари томонидан истиқболли мамлакатлар ренкингининг етакчиси бўлди. Бунда унинг қулай жойлашуви, импорт кўламининг юқори эмаслиги, Россия билан савдонинг ривожланганлиги, ЯИМ ўсиши бўйича ижобий прогнозлар рол ўйнади. Бугунги келишувлар ўзбек ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликнинг мантиқий ривожидир”, - деб таъкидлади Россия экспорт маркази раҳбари Петр Фрадков.