Россия элчиси ўзбекистонлик ватандошлари кўпроқ бориб ўрнашаётган ҳудудларни санаб ўтди

Дата: 19:40, 17-12-2014.

Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 2014 йилги ўзбек-россия муносабатлари якунларига бағишланган матбуот анжуманида ўзбекистонлик ватандошлари кўпроқ бориб ўрнашаётган ҳудудларни санаб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хорижда истиқомат қилувчи ватандошларнинг Россия Федерациясига кўнгилли равишда бориб ўрнашишига кўмаклашиш бўйича Давлат дастурига келсак, қуйидагиларни таъкидламоқчи эдим. Россия Федерациясининг ўзбекистонлик ватандошлар 2014 йилда бориб ўрнашиши кўпроқ кузатилаётган ҳудудлар орасида Калуга, Воронеж, Липецк, Калининград ва Тула вилоятлари бор”, – деб таъкидлади элчи.

Тюрденевнинг сўзларига кўра, у Дастурдан фойдаланишни истаганларда пайдо бўлаётган мураккаб муаммолар ҳақида хабардор.

“Уларни имкон қадар ҳал қилмоқдамиз. Масалан, сентябрдан бошлаб Давлат дастурида қатнашишни истовчилар электрон ҳолда қабулга ёзилишлари мумкин. Бу иш Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтидаги “Кўчиб ўтиш” бўлимида амалга оширилмоқда. Айни пайтда биз ҳеч кимни кўчиб ўтишга тарғиб қилаётганимиз йўқ. Чунки кўчиб ўтиш бу ҳар кимнинг шахсий иши. Шу билан бирга юртдошларимиздан бир нарсани илтимос қилмоқчи эдим. У ҳам бўлса турли миш-мишларга ишонмаслик ва турли воситачилар хизматларидан фойдаланмасликдир. Фақат расмий маълумот манбаларидан фойдаланиш зарур. Булар Россия ФМХ ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтларидир”, – деб таъкидлади россиялик дипломат.

Рақамларга келадиган бўлсак, 2014 йилда Россия элчихонаси Дастурда иштирок этиш учун ватандошлардан 8 минг ариза қабул қилган. Салоҳиятли кўчиб ўтувчиларнинг умумий сони оила аъзоларини ҳам қўшган ҳолда 20 минг киши атрофидани ташкил қилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: