Россия НАТОнинг Афғонистонга юклари транзитини тўхтатди

Дата: 16:13, 19-05-2015.

Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Россия бош вазири Дмитрий Медведев НАТОнинг Афғонистонга ҳарбий ва бошқа юкларини россия ҳудуди бўйлаб транзитига рухсатни бекор қилувчи қарорни имзолади, деб хабар беради ВВС рус хизмати.

Ҳуқуқий маълумотлар порталида жойлаштирилган хужжатда айтилишича, ушбу қарор БМТ 2001 йилдаги резолюциясининг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан қабул қилинган. Унга мувофиқ Афғонистонга Россия орқали юк ташишга рухсат берилган эди.

Резолюция барча мамлакатларни Афғонистондаги халқаро хавфсизлик кучларига (ISAF) ёрдам беришга чақирган эди. Шу билан боғлиқ ҳолда, Россия ўз ҳудудидан ISAF ҳарбийлари учун юклар ташишга рухсат берувчи қарор чиқарган эди.

Ўтган йил декабрда НАТО Афғонистондаги операциянинг фаол қисмини расман якунлади. Айни пайтда ушбу мамлакатда ҳарбий контингентнинг бир қисмини қолдиришга қарор қилинди.

Ҳозирги пайтда НАТО контингентининг Афғонистондаги сони 13 минг киши деб баҳоланмоқда. Булардан 10 минги америка ҳарбийларидир. Айни пайтда 2015 йилнинг бошида ушбу мамлакатдаги толибон гуруҳлари яна фаоллашдилар. Шундан кейин ҳукумат Вашингтондан қуролли кучларни олиб чиқиб кетишни секинлаштиришни илтимос қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: