Россия режиссёрлари ўзбек фильмларини суратга олишга жалб қилиниши мумкин
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Россиялик режиссёрлар ўзбекистонлик атоқли намояндалар фаолияти, ўзбек олимларининг жаҳон тараққиётидаги ҳиссасига бағишланган ҳужжатли филм ҳамда дастурлар тайёрлашга жалб қилиниши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев ва Россия Федерацияси Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Алексей Волинларнинг учрашувида куриб чиқилди.
Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилишларича, учрашувда Россия Федерацияси президентининг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникациялар бўйича Ишлар бошқармаси ҳамда Бутун Россия телевизион ва радиоузатиш давлат компанияси вакиллари, шунингдек Россиянинг “Россия Сегодня” халқаро ахборот агентлиги, “Первый Канал”, “Россия24” телеканаллари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда иккитомонлама алоқаларни кенгайтириш, жумладан медиа алоқаларни ривожлантириш, хусусан рақамли узатиш, технопарклар фаолияти, рақамли иқтисодиёт ва интернет тармоқларини тартибга солиш, АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ўрнатиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, Россия делегацияси вакиллари мамлакатнинг рақамли телеузатиш тизимига ўтказилиши ҳақида маълумот бердилар ва мазкур рақамли платформада мобил телевидение фаолиятини йўлга қўйиш фикрини илгари сурдилар.
Сурат манбаи: https://eadaily.com/ru/news/2018/04/16/rossiya-i-uzbekistan-sozdadut-obshchiy-telekanal