Россия ШҲТ мамлакатларига миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китоб қилишни таклиф қилмоқда – РФнинг Ўзбекистондаги элчиси
Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Россиянинг 2014-2015 йилларда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги (ШҲТ) раислигига бағишланган “доира суҳбати”даги чиқишида, ташкилот мамлакатларини миллий валюталарда ҳисоб-китобларни кенгроқ жорий қилиш ва қишлоқ хўжалик соҳасида мувофилаштирилган сиёсат юритиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Жаҳон иқтисодиётининг барқарор эмаслиги давом этаётганлигини ҳисобга олган ва замонавий муаммолар комплекс характерга эгалигини англаган ҳолда, россия раислиги иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, ШҲТ доирасида молия, энергетик ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида мувофиқлаштирилган қадамларни амалга ошириш тарафдори”, – деб таъкидлади Россия элчиси.
Унинг сўзларига кўра, ШҲТнинг таъсис хужжатларига мувофиқ, ШҲТ тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик ва ўзаро тараққиётни таъминловчи кенгпрофилли ташкилотдир.
“Айни пайтда биргаликдаги тараққиёт ташқи дунёдан ажратиб қўйилганликни билдирмайди, аммо, бизнинг қарашимизга кўра, қайсидир соҳаларда ўз-ўзини таъминлаш принципидан келиб чиқиш мумкин. Масалан, ташкилот мамлакатлари миллий валюталарда ҳисоб-китобларни кенгроқ жорий қилиш ва қишлоқ хўжалик соҳасида мувофилаштирилган сиёсат юритиш ҳақида ўйлаб кўришлари мумкин. Шунингдек, транспорт, илм ва техника, космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳаларида кўптомонлама лойиҳаларни йўлга қўйиш учун яхши имкониятлар бор. Шу соҳада ташкилотнинг Ишбилармонлик кенгаши, Банклараро бирлашма, Энергетик клуб каби таркиблари орасидаги амалий алоқаларни кенгайтиришга ҳар жиҳатдан кўмаклашамиз”, – деб таъкидлади россиялик дипломат.
Тюрденевнинг фикрига кўра, лойиҳалар фаолиятини молиявий дастаклаш механизмини таъсис қилиш жуда муҳим масаладир. “Ушбу йўналишда баъзи ишлар амалга оширилмоқда, барчага маъқул вариантларга келишга умид туғдирувчи баъзи ишланмалар бор. Аммо, бу жуда нозик масала ва унинг ҳал қилиниши учун вақт керак”, – деди у.