Россия ва Ўзбекистон тинч атом соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар

Дата: 16:33, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ –  Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Росатом” маълумотига кўра, бунга доир келишув россия компанияси бош директори Алексей Лихачевнинг 2017 йил декабр охирида Тошкентга ташрифи доирасида эришилди.

Ҳужжат “Росатом” корпорацияси бош директори Алексей Лихачев ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажоновлар томонидан имзоланди.

Хабарда таъкидланишича, битим Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом энергиясидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни яратади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлар сифатида Ўзбекистон атом энергетикаси учун миллий инфратузилмаларни такомиллаштириш ва кадрларни тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек уларнинг барча ҳаётий циклларини қўллаб-қувватлаш ва бошқалар белгиланган.

Шунингдек, битим аниқ лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни бажариш учун ҳамкорликдаги ишчи гуруҳларни шакллантириш, экспертлар алмашиш семинар ва симпозиумларни ташкил этишни ҳам кўзда тутади.

Сурат манбаи: http://pro-mix.net/avstraliya/atomnaya-energetika

Янгилик билан ўртоқлашиш: