Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида АЭС қуриш тўғрисидаги келишув имзоланди

Дата: 09:45, 08-09-2018.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповлар атом электр станциясини қуриш тўғрисида келишувни имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия ҳукуматига таянган ҳолда.

Ҳужжат Д. Медведев ва А. Арипов раислигида Россия ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси мажлиси якунлари бўйича имзоланди.

“Келишув лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек, ишга тушириш ва фойдаланишда ҳамкорликни кўзда тутади. Россия лойиҳаси бўйича барпо этиладиган атом электр станцияси сув-сувли энергетик реактор асосидаги ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат бўлади”, - дейилади хабарда.

Д. Медведев учрашув давомида ушбу лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлади. “Биз, бу алоҳида, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик амалий натижа топганидан хурсандмиз”, - деди у. Шунингдек, у майдончада тадқиқот ишлари аллақачон бошланганини қўшимча қилди.

Россия бош вазири лойиҳанинг стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. “У (лойиҳа - ЎзТАГ) катта, мураккаб, лекин у мамлакатларимиз ўртасида ўн йилларга юқоритехнологияли ҳамкорлик учун замин яратади”, - дея қўшимча қилди у. Ўз навбатида, А. Арипов Россия раҳбариятига Ўзбекистонда атом электр станцияси қуришда ёрдам бергани учун ташаккур билдирди ва рус ҳамкасбларига бу масалага фундаментал ёндашуви учун миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамизки, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги тинч мақсадларда ядровий энергия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2017 йил 29 декабр куни имзоланган. У атом бир қатор йўналишлар, шу жумладан, электр станциялари қуриш ва уран конларини ишлатишни кўзда тутади. “Росатом” раҳбари А. Лихачев 2017 йил декабр охирида Тошкентга ишчи ташрифи чоғида Россия Ўзбекистонга унинг ҳудудида ВВEР-1200 русумидаги икки блокли атом электр станциясини қуришни таклиф қилганини хабар берган эди.

Сурат манбаи: http://review.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: