Россия Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар экспорти учун пул тўлашга тайёр

Дата: 15:34, 28-02-2019.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Россия Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар экспорти учун пул тўлашга тайёр, деб хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 18-20 феврал кунлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россияга ташриф буюрди.

“Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев билан учрашувда Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш, шу билан бирга, хўжалик юритувчи субектларга мазкур ишларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2018 йил якунлари бўйича, мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари айланмаси 20%дан ортиққа ошди ва $550 млнга етди. Ўсимликчилик, балиқчилик, илм-фан ва технология соҳасида тажриба алмашиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кузатиш тизимларни интеграция қилиш бўйича биргаликда ишлашга келишилди.

Шунингдек, томонлар яқин орада ўзбекистонлик етказиб берувчилар, Россия савдо тармоғи вакиллари ва икки мамлакатнинг тегишли идоралари иштирокида қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг йиғилиш ўтказишга келишиб олдилар.

“Россия томони Внешэкономбанк раиси Игор Шувалов билан суҳбат чоғида Ўзбекистондан мева ва сабзавот экспортини молиялаштириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилди. Яқин орада тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, имзоланади ҳамда биргаликдаги ишлар бошланади”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: