Россия Ўзбекистонга банк фирибгарликларида айбланаётган шахсни топширади

Дата: 16:48, 19-04-2017.

Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Россия Ўзбекистонга банк фирибгарликларида айбланаётган шахсни топширади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РФ бош прокуратурасига асосланган ҳолда.

Муассаса матбуот хизмати маълумотига кўра, Қрим Республикаси прокуратураси тергов органларидан қочиб юрганлиги учун қидирувда бўлган 43 ёшли Ўзбекистон фуқароси Камолиддин Шамсутдиновга нисбатан экстрадиция текширувини ўтказди.

“Хориж фуқароси (К.Шамсутдинов – ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2 қисми “а”, “б”, “в”, “г” бандлари, 3 қисмининг “а” банди (ўзлаштириш ёки ўмариш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2 қисми “а” банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси 2 қисми “а” банди (мансаб сохтакорлиги) моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қидирувда бўлган”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Шамсутдинов банк муассасаси раҳбари бўлиб ишлаган пайтда унга ишониб топширилган банк мулки ўмарган, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган.

Шу сабабли бош прокуратура Шамсутдиновни содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилишини таъминлаш мақсадида қўшни давлатнинг тегишли органлари юборган сўровни қондириш ҳақида қарор чиқарди.

“Экстрадиция қилиниши зарур бўлган хориж фуқароси ушбу қарор юзасидан шикоят қилган, лекин Қрим Республикаси Олий суди унинг шикоятини қондирмаган”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: