Россияда алкоголга тестдан ўтишдан бош тортганлар 15 кунга қамалиши мумкин

Дата: 13:51, 22-05-2015.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Россияда алкоголга тестдан ўтишдан бош тортган пиёдалар 15 кунга қамалиши мумкин, деб хабар бермоқда Россия ОАВ.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга (МҲТК) бунга доир тузатишлар Давлат думаси томонидан жума куни учинчи ўқишда қабул қилиниши кутилмоқда.

Жамоат жойида алкоголь ёки наркотиклар истеъмол қилиш тиббий кўрикдан ўтказиш учун асос бўлиши мумкин. Ушбу талаб наркотиклар ва психотроп моддалар истеъмол қилишда гумон қилинган ҳар қандай шахсга қўйилиши мумкин.

Фуқароларни юқоридаги гумонлар бўйича текшириш ваколати фақат икки муассаса вакиллари – ИИВ ва Наркотиклар айланмаси устидан назрорат бўйича федерал хизматга берилиши кутилмоқда.

Тестдан ўтишдан бош тортиш 4 мингдан 5 минг рубллик жарима солиш ёки 15 кунга қамалиш билан жазоланиши мумкин. Россияликлар томонидан жамоат жойларида наркотиклар истеъмол қилиш ҳам юқоридаги каби жазоланади.

Бундан ташқари, кўнгилли текширувдан ўтгандан кейин алкоголдан маст ҳолда бўлиш ҳам 500-1500 рубл жарима билан жазоланади.

Айни пайтда автомобил ҳайдовчилари, учувчилар, денгизчилар ва қуролли шахслар МҲТК моддаси доирасига тушмайдилар. Улар учун алоҳида қонунчилик кўзда тутилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: