Россияда Брежнев Ўзбекистонда минган “Чайка” сотувга қўйилди
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Россияда Ўзбекистонга ташрифи чоғида Совет иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Леонид Брежнев ҳаракатланган “Чайка”сотувга қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) motor сайтига асосланган ҳолда.
“Сотувга доир эълон Россиянинг “Юла” эълонлар сайтида пайдо бўлди. Сотувчининг айтишича, 1980 йилги ГАЗ-13 “Чайка» автомобили элчихона гаражига кирган, 1982 йилда эса унда Ўзбекистонга ташрифи чоғида Совет иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Леонид Брежнев ҳаракатланган. Автомобильнинг баҳоси 30 миллион рубльга тенг”, - дейилади хабарда.
Автомобиль эгасининг маълумотига кўра, ўтган вақт давомида “Чайка” икки марта ўз эгасини алмаштиришга ва 2 минг километр масофани босиб ўтишга улгурган. Уч поғонали гидромеханика узатиш қутиси билан уйғунлашган 195 от кучига тенг 5,53 литрли V-симон “саккизлик” асл двигатель ҳам сақланиб қолган. Лимузин 20 сонияда 100 км/соат тезликка эриша олади, унинг максимал тезлиги эса соатига 160 километрга тенг.
Таъкидланишича, “Чайка”нинг жиҳозланиши ўз мақомига мос бўлиб, ўша даврдаги маҳаллий машиналардан фарқ қилади. Масалан, лимузинга электрон ойна кўтаргичлар, иситиш тизими, туманга қарши чироқлар, қорайтирилган ойналар ва чарм қопланган креслолар билан жиҳозланган.
Сурат манбаи: https://motor.ru/news/chaika-03-04-2018.htm