Россияда футбол бўйича ЖЧ ўтказилиш даврида рўйхатга олиш тартиблари ўзгартирилди

Дата: 15:38, 28-05-2018.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиладиган 25-майдан 25-июлигача бўлган даврда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларни рўйхатга олиш муддати 1 суткадан 3 суткага оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Бундан ташқари, рўйхатга олиш тартибига яна бир ўзгартириш киритилди. Илгари 2018-йил 25-майдан 25-июлигача бўлган даврда чемпионат ўтказиладиган шаҳарлардан бирига келган хорижликлар ёки Россия фуқаролари фақатгина ички ишлар бўлинмаларида (ИИБ) рўйхат туришлари лозим бўлган бўлса, эндиликда ИИБ ёки “Менинг хужжатларим” кўп функцияли марказларида (КФМ) рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур қарор Россияда вақтинча яшашга рухсатнома ёки яшаш гувоҳномасига эгалигидан қатъий назар барча хорижликларга таъллуқлидир. Ушбу тартиб фақат футбол бўйича 2018-йилги жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтадиган 11 та шаҳарга боришдагина долзарб. Ушбу шаҳарлар қуйидагилар: Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Самара, Сочи, Саранск, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-на-Дону, Казан ва Екатеринбург.

Ўзгартиришлар учун асос бўлиб Россия Федерацияси Президентининг 2018-йил 12-майдаги 214-сонли “Россия Федерациясида футбол бўйича FIFA 2018 жаҳон чемпионати ва 2017 йилги FIFA конфедерациялар кубогини ўтказиш даврида хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида”ги 202-сонли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги фармони хизмат қилди.

Сурат манбаи: http://tintucnuocnga.com/

Янгилик билан ўртоқлашиш: