Россияда пора беришда гумон қилинган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши текширилмоқда

Дата: 15:35, 10-05-2019.

Тошкент. 10 май. ЎзТАГ - Россияда пора беришда гумон қилинаётган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши текширилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2 май куни оммавий ахборот воситаларида Санкт-Петербург шаҳрида Россия Гидрометеорология университетининг 2-курс талабаси, Ўзбекистон фуқароси М.Йўлдошевни ҳибсга олиш тўғрисида хабар келиб тушди, у кечки пайтларда гипермаркетда ишлашга рухсатнома (патент)си бўлмаса-да, сотувчи бўлиб ишлаган", дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

30 апрель куни кечқурун М.Йўлдошев харидорга устаранинг қандай ишлашини кўрсатаётганида, устара учи чиқиб кетган ва харидорнинг кўзига теккан. Харидор касалхонага, ўзбекистонликни эса қўлга олиб, полиция бўлимига олиб кетишган.

"Туман суди қарори билан М.Йўлдошевга 5 минг рубл (649050 сўм) жарима белгилаш ва Россия ҳудудидан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган. Айни пайтда М.Йўлдошевга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси 3-банди (мансабдор шахсга пора бериш) бўйича жиноий иш ҳам текширилган. 2 май куни бу ҳолат Ўзбекистон бош консуллиги томонидан Санкт-Петербург шаҳрида назоратга олинган", дея қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: ic24.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: