Россияда ёнғин оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Дата: 12:33, 29-10-2019.

Тошкент. 29 октябрь. ЎзТАГ – Россияда ёнғин оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"24 октябрь куни Владивосток шаҳрида (Россия) Бухоро вилоятидан келган уч нафар Ўзбекистон фуқароси О.Ж., К. Т. ва Ж. Б. ёнғин оқибатида вафот этди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Владивосток-Тошкент йўналиши бўйича қатнови орқали ҳалок бўлганларнинг жасадлари ватанига жўнатилди.

Шунингдек, 27 октябрь куни Владивосток болалар касалхонасида Ўзбекистон фуқароси И. Б. соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этди.

"Бош консуллик ушбу вазиятни назорат остига олди ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда ватандошнинг жасадини ўз ватанига жўнатиш билан боғлиқ масалалар устида иш олиб бормоқда", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: newizv.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: