Россияда Ўзбекистон бўйича йўлкўрсаткич чоп этилади

Дата: 09:31, 09-07-2015.

Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Россиядаги таниқли “Русский гид. Полиглот” серияси “Ўзбекистон бўйича йўлкўрсаткич” китоби билан тўлдирилади. Жорий йилнинг сентябрида москванинг “Аякс-Пресс” нашриёти россиялик туристларга мўлжалланган ушбу суратли китобдан 10 минг дона чиқаради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Йўлкўрсаткичнинг 140 саҳифасида туристлар Ўзбекистоннинг оммабоп туристик маршрутлари ва эътиборга лойиқ ерлари билан танишадилар, музейлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, мамлакат тарихи ва маданиятига доир маълумотлар, амалий маслаҳатлар оладилар”, – деб таъкидлашди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматида.

Йўлкўрсаткич 3-бўлимдан иборат бўлади.

“Саёҳатни режалаштириш” номли биринчи бобда сайёҳлар ҳудуд иқлими, туристик мавсумлар, Ўзбекистоннинг транспорт тизими билан танишадилар, мамлакат бўйлаб болалар билан саёҳат қилиш имконияти ва фаол дам олиш бўйича бу ердаги шароитларни билиб оладилар.

“Мамлакат ва одамлар” бўлимида мамлакат, унинг табиати, маданияти, санъати ва дини ҳақидаги қисқача маълумотлар билан танишиш мумкин бўлади. Шунингдек, бўлимда мамлакатнинг миллий анъаналари, таомлари ва ичимликлари, байрам ва фестиваллари ҳақида ҳикоя қилинади.

“Ўзбекистон бўйлаб маршрутлар” бўлимида республикадаги энг оммабоп ўнта туристик маршрутлар ҳақида маълумотлар бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: