Россияда Ўзбекистон фуқаросига қарши жиноят иши қўзғатилди
Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Россияда Ўзбекистоннинг 24 ёшли фуқаросига қарши жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Россия Тергов қўмитасидан хабар қилишларича, у бепарволик оқибатида юртдошининг ўлимида айбланмоқда.
“Россия ТҚ Камчатка ўлкаси Петропавловск-Камчатский шаҳар тергов бошқармаси тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг 24-ёшли фуқаросига қарши жиноий иш бўйича тергов якунланди. У РФ Жиноят кодексининг 109 моддаси 1-бандида (бепарволик натижасида ўлимга сабаб бўлиш) кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда”, - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, айбланувчи 2018 йил 8 августда Дальний қўрғонидаги “Камдор” МЧЖ асфальт заводи ҳудудида “Коматсу” русумидаги юк ортувчини бошқара туриб унинг бошқариш ва ҳудудни тозалаш учун хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, ташкилот вакиллари йўқлигидан фойдаланган ҳолда ишни қисқа вақтда бажариш учун машинада ҳаракатлана туриб бурилишда шеригини босиб кетган. Шериги олинган шикастланишлар натижасида воқеа жойида вафот этган.
Тергов маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Камчатка ўлкасида ноқонуний равишда (ҳудудда бўлиш муддатлари якунланган) бўлишган, шу муносабат билан тегишли материаллар компания раҳбарларини маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун полицияга оширилган.
“(…) Жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва кейинчалик кўриб чиқиш учун судга ошириш мақсадида прокурорга юборилган”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: из https://udm-info.ru