Россиядаги йирик ЙТҲда икки ўзбекистонлик вафот этди, биттаси жабрланди

Дата: 12:31, 12-02-2019.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Россиядаги Тюмень – Ханти-Мансийск трассасидаги беш автомобиль иштирокидаги йирик ЙТҲда икки ўзбекистонлик вафот этди, биттаси жабрланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2019-йилнинг 11-феврал куни Тошкент вақти билан соат 06.45 да Тюмень – Ханти-Мансийск трассасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди, улардан иккитаси ҳалок бўлди, бир киши Тюмен шаҳрининг 2-сонли шаҳар шифохонасига етказилди”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабарида.

Мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси хабар қилишича, 1984-йил 21-февралда туғилган Тошкентбоев Шуҳратбек ва 1983-йил 22-ноябрда туғилган Саяхмедов Бахтиёр ЙТҲ оқибатида вафот этганлар. 1976-йил 28-ноябрда туғилган Мирзаахмедов Курвонжон эса жароҳат олган.

“Стандарт плюс” МЧЖ Меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш халқаро ассоциацияси (ишга қабул қилувчи фирма) маълумотига кўра меҳнат фаолиятини амалга ошириш рухсатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун 20 та йўловчи билан (барчаси Ўзбекистон фуқаролари) Тобольск шаҳридан Тюмень шаҳрига йўл олган Mercedes русумли микроавтобус юк автомашинаси билан тўқнашган.

Қайд этилишича, микроавтобусдаги қолган 17 нафар фуқаро жароҳатланмаган ва кейинроқ ўз ҳужжатларини расмийлаштириб, Тобольск шаҳрига қайтиб келган.

Меҳнат мухожирларига ёрдам бериш халқаро ассоциацияси ЙТҲ билан боғлиқ барча харажатларни, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари жасадларини ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатларни қоплашини маълум қилди.

Бош консулхона томонидан ҳамюртларга амалий ёрдам кўрсатиш учун тегишли ташкилотлар билан доимий алоқа ўрнатилди.

Сурат манбаи: newdaynews.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: