Россиядаги ЙТҲда вафот этган яна бир Ўзбекистон фуқаросининг шахси аниқланди

Дата: 12:37, 13-10-2017.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ФВВ Россиянинг Владимир вилоятида содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган яна бир фуқаронинг шахси аниқланганини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасининг берган маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 октябр куни Владимир вилоятидаги ўзбек диаспораси кўмагида, ЙТҲ оқибатида вафот этган, аввал шахси аниқланмаган фуқаронинг шахси аниқланди. У 1979 йил 7 март куни туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Усмонов Жўрабек Жумаевич бўлиб, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шерозий маҳалласида истиқомат қилган”, - дейилади ФВВ хабарида.

“Ҳозирги кунда вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ЙТҲ оқибатида жароҳатланган 6 ёшли қизча жорий йилнинг 10 октябр куни Россия Федерацияси ФВВнинг вертолётида Москва шаҳрига даволаниш учун олиб келинган бўлиб, учиш давомида унинг аҳволи ёмонлашмаган, қизчага врачлар томонидан зарурий ёрдам кўрсатилган”, дейилади яна ФВВ хабарида.

Эслатиб ўтамизки, ЙТҲси 6 октября соат 4:00 атрофида Владимир вилоятининг Петушинск туманидаги Покров станцияси темир йўл ўтиш жойида содир бўлди. Бунга поезди ва автобуснинг тўқнашиб кетиши сабаб бўлди. ЙТҲда 17 киши, жумладан, икки бола  вафот этди. Автобусда 58 киши бўлган бўлиб, уларнинг 56 таси Ўзбекистон фуқароси бўлишган.

Вафот этганларнинг шахсини аниқлаш билан Ўзбекистоннинг РФдаги элчихонаси шуғулланди. 7 октябрда Ўзбекистон ТИВ сайтида ушбу ЙТҲда ҳалок бўлган 14 фуқаронинг рўйхати эълон қилинган эди.

Шунингдек, сайтда аварияга учраб енгил жароҳатлар олган ва касалхонага боришдан бош тортган 36 Ўзбекистон фуқароларининг исми шарифлари ҳам келтирилган.

8 октябрга ўтар кечаси юқоридаги ЙТҲда жароҳат олган 36 фуқаро ва 15 нафар вафот этганларнинг ўша пайтга келиб шахси аниқланган жасадлари махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: