Россиядаги ЙТҲда Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси вафот этди
Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Россиядаги йўл-транспорт ҳодисасида (ЙТҲ) Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси вафот этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Call-center”ига фуқаро А.Бойматовдан тушган маълумотга кўра, (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, ҳозирги пайтда Россия Федерацияси ҳудудида) 2018 йилнинг 4 апрел куни соат 18:39 да Россия Федерацияси, Изобил шаҳар округининг “Ставропол-Новоалександровск” автомобиль йўлида “ВАЗ-2101” русумли енгил автомобили, “Исузу” русумли юк автомобили билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, ЙТҲ натижасида 4 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вафот этган.
“Вафот этган фуқаролар Жумақулов Шуҳрат, 1983 й.т., Тагаев Миржалол, 1991 й.т., Қаршиев Муҳритдин, 1995 й.т., Юнусов Баҳром, 1988 й.т. Бирламчи маълумотларга кўра, вафот этган фуқаролар Жиззах вилояти Зомин туманидан”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, вафот этганларнинг жасадлари Изобил шаҳар округининг марказий касалхонасига олиб борилган. Ушбу маълумотни Россия Федерацияси фавқулодда вазиятлар бошқаруви миллий маркази томонидан тасдиқланган.
“Ушбу воқеа юзасидан батафсил маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан очилган “Тезкор рақам” (+998 71) 147-10-50дан олиш мумкин”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://regionvest.ru/news/2018/04/04/628691-na-stavropole-troe-pogibli-v-dtp-s-refrizheratorom.html